ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАЛГАН ҲОЛАТ ЮЗАСИДАН РАСМИЙ МУНОСАБАТ

09.07.2021

Яқинда You tube тармоғидаги Jonkuyar саҳифаси орқали “Ноқонуний ишлаётган гаи ва дарё транс” сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.

Ноқонуний йўловчи ташишни олдини олиш ҳамда уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш мақсадида вилоят миқёсида транспорт бошқармаси ҳамда ИИБ ЙҲХБ томонидан мунтазам равишда, тасдиқланган қўшма режага мувофиқ назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Ушбу видеолавҳада акс этган ҳолат Самарқанд вилояти, Булунғур туманида тасвирга олинган. 2021 йил 15 июнь куни соат 09:15 лар атрофида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ҳамда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўтказилган назорат (рейд) тадбирида давлат рақами 30 L 092 КА «Нексия» русумли автомашинаси ҳайдовчиси Булунғур тумани, Соболоқ кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётганлигини, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берувчи лицензия олмасдан, қонунга зид равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, ушбу ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш учун Булунғур туман судига юборилган.

Суд мажлисида сўроқ қилинган, Н.М., ўз кўрсатмасида қилмишига тўлиқ иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам 2021 йил 15 июнь куни соат 09:15лар атрофида О.Т.га тегишли бўлган ишончнома асосида бошқарувидаги давлат рақами 30 L 092 КА «Нексия» русумли автомашинаси билан йўловчи ташиганлигини, Булунғур тумани Соболоқ кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётганлигини, Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ҳамда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатганлигини, ундан аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш учун лицензиясини сўраганлигини, у ҳеч қандай лицензия кўрсата олмаганлиги сабабли, ушбу ҳолат бўйича унга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилганлигини, ҳуқуқбузарлик харакатига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий аҳволини, унга енгиллик беришни сўраган.

Суд Н.М.нинг ҳуқуқбузарлик ҳаракатига ўзининг тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари, ишда мавжуд бўлган маъмурий хуқуқбузарлик тўғрисида баённомаси, ЙҲХБ ходимлари билан биргаликда тадбирларда иштирок этиш тўғрисида буйруқ, тушунтириш хати, маълумотнома, талабнома ва ишда мавжуд бўлган бошқа объектив далиллар билан ўз исботини тўлиқ топган деб ҳисоблаган.

Суд, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддасининг 11-қисмида ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субьектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддат ичида йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган ёки етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса шахсни жавобгарликдан озод этилиши кўрсатилганлигини, ҳуқуқбузар Н.М. 2021 йил 21 июнь куни “йўловчиларни шаҳар атрофида енгил автомобилда ташиш” учун лицензия варақаси олганини инобатга олиб, Н.М.нинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари мавжуд эмас, деб топишни ва унга оид ишни Ўзбекистон Республикаси МЖтК 271-моддасининг 11-қисмига асосан ҳаракатдан тугатишни лозим, деб топган.

Тегишли тартибда тақдим қилинган маълумотларни ўрганиб чиқиб, Булунғур туман суди қуйидагича қарор қабул қилган:

“Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1763-моддаси билан Н.Мга нисбатан юритилган маъмурий иш Ўзбекистон Республикаси МЖтК
271-моддасининг 11-қисмига асосан ҳаракатдан тугатилсин.”

Видеолавҳада акс этган бошқа ҳолат, яъни бошқарма инспекторининг белгиланган кийиниш тартибини бузганлиги юзасидан ходимлар ўртасида тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилди.

Автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими 1-тоифали инспектори А.Қурбоновга (ходим меҳнат таътилида эканлиги инобатга олиниб, унга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш масаласи унинг ишга чиқиши билан кўриб чиқилади) нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо қўлланилади.

 

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати