ЙЎЛОВЧИ ТАШИШ КОРХОНАЛАРИ БЎЙЛАБ ПРЕСС ТУР

30.04.2021

         Аҳолига жамоат транспортида - автобус, йўналишли ва йўналишсиз такси хизматини кўрсатувчи корхоналар фаолияти билан яқиндан танишув ҳамда хизмат сифатини ошириш учун амалга оширилаётган ишлар, пандемия даврида автотранспорт воситаларида зарарсизлантириш - профилактика ишларини йўлга қўйилганлиги юзасидан Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси томонидан журналист ва блогерлар учун пресс тур уюштирилди.

         Журналистлар дастлаб “Дилшод транс сервис” маъсулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишишди. Унда оммавий ахборот воситалари вакилларига тадбиркорлик суъекти раҳбари А.Ахмедов ҳамроҳлик қилиб, корхонанинг босиб ўтган йўли тўғрисида маълумот берди.

Корхона 2002 йилда банк тижорат кредитлари ҳисобига 13 дона Дамас русумли автомашиналари харид қилиб, Самарқанд шаҳар йўналишларида аҳолига хизмат кўрсатишни бошлаган. Йўловчиларга қулайликлар яратиш ҳамда корхонанинг иқтисодий ривожлантириш мақсадида 2012-2013 йилларда 5 дона SAZ NP37 русумли автобуслар банк тижорат кредитлари ҳисобига харид қилиниб, йўналишларга чиқарилади.

2006 йилда 11 дона Дамас русумли автомашина ва 30 дона Исузу русумли автобуслар банк тижорат кредитлари ҳисобига харид қилиниб, йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлаш баробарида корхона ўз хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириб боради. 

Ҳозирда корхонада 34 та автобус, 47 та Дамас русумли йўналишли такси ва 60 дона йўналишсиз такcилар мавжуд бўлиб, Самарқанд шаҳрининг 4 та автобус ва 1 та йўналишли такси йўналишларида йўловчиларга хизмат қилмоқда.

Мазкур корхона Самарқанд шаҳрининг йирик йўловчи ташувчи ташкилотлари сафидан ўрин олган ва унда жами 101 нафар ишчи-хизматчилар меҳнат қилмоқда.

Прес тур иштирокчиларининг иккинчи манзили “Сухробтранссервис” маъсулияти чекланган жамияти бўлди. Корхона 2006 йилда ташкил қилинган бўлиб, битта йўналишда 12 та автобус билан иш бошлаган. Ҳозирда бешта йўналиш – 7, 9, 19, 64, 66 – шаҳар ичи йўналишларда 55 та автобус билан йўловчиларга хизмат қилиб келаётир.

Кейинги манзил Мирзо Улуғбек, Буюк ипак йўли ҳамда Спитамен шоҳ кўчалари чорраҳаси бўлди. Бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Коржавов ушбу чорраҳада тирбандликларни олдини олиш мақсадида киритилган ўзгаришлар ҳақида сўз юритди.

Мирзо Улуғбек ва Спитамен кўчаларидаги транспорт оқими битта фазада йўлга қўйилди. Кузатувларга кўра, тирбандликка сабаб бўлувчи Мирзо Улуғбек кўчасидан Буюк ипак йўли кўчаси томон ҳаракатланувчи оқим сабаб бўлиб келган. Эндиликда светофорнинг қўшимча тармоғини ўрнатиш йўли билан алоҳида йўлак ташкил этилди. Бундан ташқари, фазалардаги вақтни узайтириш, Мирзо Улуғбек кўчаси бўйлаб йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл ётиқ чизиқларини чизиш йўли билан ҳаракат бўлаклари сонини учтадан тўрттага кўпайтириш натижасида чорраҳанинг ўтказувчанлиги 10 фоизга оширилди.

Транспорт воситаларининг чорраҳада қолиб кетиш эҳтимолининг олдини олиш мақсадида барча йўналишларда бирдек қизил чироқ тартиби ўрнатилди. Бу ҳам албатта, йўл транспорт ҳодисаси содир бўлишининг ҳамда тирбандликни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олишга хизмат қилади.

        

Шунингдек, прес тур давомида журналистлар Самарқанд темирйўл вокзали билан ҳам яқиндан танишди. Самарқанд темирйўл вокзали бошлиғи Ф.Назаров йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифати, пандемия даврида хавфсизлик нуқтаи назаридан кўрилган чоралар ҳақида журналистларга батафсил маълумот берди.