Йўналишли таксилар фаолияти ўрганилмоқда

19.05.2021

Йўловчи ташиш фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташувларда белгиланган санитар қоидаларга амал қилиш муҳим жиҳат саналади. Ташувларда сифат даражасини кўтариш, автотранспорт воситаларини тўлиқ техник кўрикдан, ҳайдовчиларни малакали тиббий ходимлар кўригидан ўтказиш, уларнинг муомала маданиятини ошириш лозим. Йўловчилар билан мулоқотга киришишда хушмуомалалик ҳайдовчининг маҳорат даражасини белгилайди. Ҳар бир айтилаётган ортиқча сўз муносабатнинг бузилишига сабаб бўлиши табиий. Бундан ташқари, автотранспорт воситасининг санитария қоидаларига жавоб бермаслиги ҳам йўловчиларнинг норозилигига олиб келиши мумкин.

Жамоат транспортидаги муаммоларни бартараф қилиш мақсадида Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси “Автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими” инспекторлари томонидан жойларда йўналишли такси (Дамас, Микроавтобус) фаолиятини олиб бораётган ҳайдовчилар ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Тарғибот тишлари олиб бориш билан бир қаторда йўналишли таксиларнинг ҳужжатлари ҳам кўздан кечирилмоқда. Йўл варақаси, йўловчи ташиш фаолиятига рухсат берувчи лицензия, йўналиш схемаси шулар жумласидандир. Тегишли ҳужжатларга эга бўлмасдан йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи йўналишли такси ҳайдовчиларига огоҳлантириш берилмоқда.

Бундан ташқари, автотранспорт воситасининг санитария аҳволи кўздан кечирилиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ниқобда бўлиши ҳам шарт эканлиги таъкидланмоқда. Йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлувчи омилларни келтириб чиқармаслик, фаолият давомида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш юзасидан тавсиялар бериб борилаётир.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати