Камчиликларни бартараф қилиш учун 10 кунлик муддат белгиланди


Самарқанд вилояти транспорт бошқармасида ДХХ вилоят бошқармаси, вилоят ИИБ ЙҲХБ, транспорт бошқармаси мутасаддилари ҳамда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган корхоналар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда жамоат транспортида техника хавфсизлигига эътиборнинг сусайганлиги, кўрсатилаётган хизмат сифатининг пасайиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Автобусларнинг техник кўрикдан ўтказишда лоқайдликка йўл қўйилаётганлиги, тозаликка эътибор берилмаётганлиги, салондаги ўтиргичлар етишмаслиги, уларнинг қопламалари йиртилиб кетганлиги яққол мисоллар орқали таҳлил қилинди.
Энг хавотирли томони ҳаракат вақтида автобус эшикларини очиқ қолдириш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш нақадар муҳим эканлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида кейинги кунларда автотранспорт воситаларига ўрнатилган газ балонлари портлаши оқибатида содир бўлган нохуш ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеолавҳа намойиш этилди. Унинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича таҳлил қилинди. Бундай аянчли ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тавсиялар берилди.
- Ҳозирги айтиб ўтилган камчиликларни бартараф қилиш учун катта маблағ талаб қилинмайди фақатгина хоҳиш бўлса бўлгани, деди транснпорт бошқармаси бошлиғи И.Хамраев. - Камчиликларни бартараф қилиш учун 10 кунлик муддат белгиланади. Шундан сўнг махсус ишчи гуруҳи унинг амалдаги ижросини ўрганади. Бунда ҳайдовчиларнинг ташқи кўриниши, кийиниш маданияти, салонда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ёки қилмаслиги, йўловчилар билан хушмуомалада бўлиши, қайтимларни ўз вақтида тўлиқ қайтарилиши, трафаретларнинг белгиланган тартибда ёзилиши, автобусларнинг ички ва ташқи жиҳатдан тозалиги, ўтиргичларнинг аҳволи, автотранспорт воситаларининг техник жиҳатлари эътибор қаратилади. Камчиликларни баратараф қилмасдан лоқайдликка йўл қўйган автокорхоналарга жиддий чора кўрилади.
Йиғилишда автотранспорт соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига автобусларга ўрнатилган газ балонларини ўз вақтида сифатли кўрикдан ўтказиш юзасидан топшириқ берилди. Ҳар бир автобус автосаройда сақланиши, йўналишга чиқишдан олдинги тиббий ва техник кўрикка жиддий эътибор қаратиш вазифаси юкланди.