КОРРУПЦИЯ - ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

28.04.2021

Коррупция - давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишда ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса. Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва хуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.

Бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши демократик жараёнларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилади. Шу билан биргаликда коррупция иқтисодий ривожланишнинг секинлашишига сабабчи бўлиб, кадрлар сифатининг пасайиши оқибатда барча соҳаларнинг оқсашига, аҳоли орасида ҳукуматга бўлган ишончнинг йўқолишига олиб бўлади.

Коррупцияга қарши курашишда юртбошимиз томонидан давлат хизматчилари томонидан коррупцияга йўл қўйиш ҳолатлари очиқланиб, ваколатли органларга қатъий топшириқлар берилди. Мазкур топшириқ ижроси юзасидан масъул шахсларнинг моддий манфаатдорлик эвазига “ишни силлиқ битириши”га бўлган уринишлари фош бўлганлиги хақида маълумотлар оммавий ахборот воситалари саҳифаларида бериб борилмоқда.

Соҳада коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш борасида Самарқанд вилояти транспорт бошқармасида йиғилиш бўлиб ўтди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда бошқарма ходимларига “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва унинг моҳияти, коррупциянинг салбий оқибатлари, коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи ва имкон берувчи омиллар, пора олиш ёки пора беришнинг қанчалик салбий оқибатларга олиб келиши юзасидан батафсил тушунчалар берилди. Шу билан биргаликда ижро интизомини мустаҳкамлаш, берилган вазифа ва топшириқларни сидқидилдан бажариш бугунги куннинг муҳим талабларидан эканлиги айтиб ўтилди.

Ҳар бир ходим муомала маданияти,  касб этикасига риоя қилган ҳолда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда мурожаатчи билан хушмуомалада бўлиши лозим. Хизмат ваколатидан фойдаланиб ўзгаларга тазйиқ ўтказмаслик,  уларга ўз манфаати йўлида топшириқлар ёки илтимослар қилмаслик бугунги кун давлат хизматчисидан талаб қилинадиган маъсулиятли вазифадир. Айниқса, ноқонуний йўловчи ташишга қарши курашишда ёки ташувлар сифатини назорат қилишда ҳар бир инспектор ўз хизмат вазифасини суистемол қилмаслиги, коррупцияни келтириб чиқарувчи ҳаракатларга (пора олиш, бериш) ва уларга имкон берувчи омилларга аралашмасликлари шарт. Маҳаллийчилик, таниш-билишчилик каби салбий иллатлардан умуман воз кечиш вақти келди, деди бошқарма бошлиғи И.Хамраев.

Албатта, шаффофлик, очиқлик сиёсати амалга оширилаётган бугунги кунда порахўрлик, таъмагирлик, моддий манфаатни устун қўйиш каби иқтисодий ривожланишини ортга сурувчи омиллардан воз кечиш давр талабидир. Коррупцияга қарши кураш борасида биринчи навбатда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Порахўрлик, тамагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарур. Ушбу иллатнинг нақадар мудҳиш эканини тушунган, уни онгли равишда идрок этган одам бу жиноятга қўл урмайди.