ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ФАОЛИЯТИГА ДОИР ЎЗГАРИШЛАР

Ҳукуматимиз томонидан ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган ишлар лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос яратди.
Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада кенг шарт-шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 24 августда “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6044-сонли фармони имзоланганди. Унга асосан йўловчи ташиш учун рухсат берувчи баъзи лицензиялаш турлари бирлаштирилди.
Жумладан, 2021 йил 1 январдан бошлаб лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг айрим турлари, яъни юкларни автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш фаолияти, юкларни автомобиль транспортида шаҳарлараро ташиш фаолиятини лицензиялаш бекор қилинди. Бундан ташқари, 2021 йил 1 январдан бошлаб лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг бирлаштириш йўли билан бекор қилинадиган айрим турлари;
- йўловчиларни шаҳарда автобусларда ташиш,
-йўловчиларни шаҳар атрофида автобусларда ташиш,
-йўловчиларни шаҳарлараро автобусларда ташиш,
-йўловчиларни шаҳарда микроавтобусларда ташиш,
-йўловчиларни шаҳар атрофида микроавтобусларда ташиш,
-йўловчиларни шаҳарлараро микроавтобусларда ташиш турлари бирлаштириш йўли билан бекор қилинди. Юқорида айтиб ўтилган фаолият турлари бирлаштирилиб, йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро микроавтобус ҳамда автобусларда ташиш фаолият турига рухсат берилди. Шу билан биргаликда, йўловчиларни шаҳарда енгил автомобилларда ташиш, йўловчиларни шаҳар атрофида енгил автомобилларда ташиш, йўловчиларни шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш учун бериладиган лицензия турлари бирлаштирилиб, йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш шаклида тартибга солинди.
Эслатма: Бирлаштирилган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар уларнинг амал қилиш муддати давомида кучда бўлади ва қайта расмийлаштирилиши талаб этилмайди.
Бирлаштирилган лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомиллари учун ундириладиган давлат божи миқдори бирлаштириш йўли билан бекор қилинаётган фаолият тури учун белгиланган давлат божининг энг кам миқдордагиси сақлаб қолинади.