Муаммолар тезкор ва тизимли равишда бартараф қилиниши лозим


Аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш масаласи кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатлар - шаҳар кўчаларида ҳаракатланувчи автобусларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, йўловчилар билан мулоқатга киришишда қўполлик қилиш ҳолатлари, қайтим билан боғлиқ муаммолардир. Бу муаммолар тезкор ва тизимли равишда бартараф қилиниши лозим.
Келиб тушаётган мурожаатлар ижросини таъминлаш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автокорхоналарда бўлиб, ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири “Samarqand hamkortrans” маъсулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтди. Унда автомобилларнинг техник жиҳатлари кўздан кечирилиш баробарида, ташувларда сифат даражасини ошириш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, электрон тўлов усули учун мўлжалланган валидаторларни ишчи ҳолатда эканлигини таъминлаш, транспорт воситаларида санитария қоидаларига сўзсиз риоя этиш, дезинфекция ишларини мунтазам равишда олиб бориш каби ўнлаб масалалар кўриб чиқилди. Айниқса, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, ким ўзарга пойга қилиш каби нохуш ҳолатларга чек қўйиш лозимлиги таъкидланди. Бунда ҳайдовчиларнинг масъуллигини ошириш бўйича корхона раҳбарларига тавсиялар берилди.
Шунингдек, йиғилишда ҳайдовчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Бундай тарғибот тадбирлари вилоят мавжуд барча автосаройларда давом эттирилади.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати