Муносабат: "Овози Самарқанд" газетасида чоп этилган мурожаат юзасидан

Жорий йилнинг 12 май куни “Овози Самарқанд” газетасида Т.Юнусзоданинг “Кай ба Оҳалик автобус мояд?” сарлавҳаси остида мурожаати чоп этилди. Унда юқори ва ўрта Оҳалик маҳаллаларига автобус қатновини йўлга қўйиш масаласи кўтарилган. Ушбу мурожаат вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрта Оҳалик маҳалласи раиси Ш.Раҳматуллаевнинг сўзларига кўра, ҳудудда яшовчи аҳолининг аксар қисмида (50-60 %) шахсий автомобили мавжуд. Улар йўловчи ташиш транснпорт воситаларидан фойдаланмайди. Қолган қисмининг эса жамоат транспортига эҳтиёжи бор. Бугунги кунда ҳудуд аҳолиси умуман жамоат транспорти билан таъминланмаган, деган фикрдан йироқман. Дамас автомобиллари аҳолининг узоғини яқин қилиб келмоқда. Тўғри, анча йиллар илгари автобус ҳаракати ҳам йўлга қўйилган эди. Кун давомида икки ёки уч маротаба келиб кетарди. Бу эса аҳолининг транспортга бўлган эҳтиёжини қондирмасди. Шундан сўнг, Дамас автомобиллари қатнови йўлга қўйилди.
Ҳақиқатан ҳам 2003 йилда “Х.Фармон-Ф” маъсулияти чекланган жамияти ўтказилган очиқ тендер асосида ушбу йўналишли такси йўналиши ғолиби бўлган. Корхона раҳбари А.Ҳамитовга кўра, мазкур ҳудудда 356-рақамли “Оҳалик-Сиёб бозори” йўналиши бўйлаб автобуслар ҳаракати йўлга қўйилган. Бироқ, автобуслар ўз сарф-харажатларини қопламаганлиги сабаб йўналишдан олинган.
Ҳозирда 256-рақамли “Оҳалик-Самарқанд туман марказий шифохонаси” йўналишида 40 та Дамас русумли автотранспорт воситалари аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Йўналишнинг умумий узунлиги 22 км.ни ташкил қилади. Йўл кира нархи 4 000 сўм. Ушбу транспорт воситалари ҳайдовчилари аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш билан биргаликда ўзлари ҳам иш билан таъминланган.
Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳозирда қишлоқ ва овулларни туман марказлари билан боғловчи, шунингдек туман марказларини вилоят марказлари билан боғловчи йўналишлар ташкил қилиш ҳамда мавжудларида хизмат сифатини ошириш масаласи қайта кўриб чиқилмоқда.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати