Пахтачида янги автошоҳбекат иш бошлади

20.05.2021

Аҳолига қулай бўлган жамоат транспорти тизими лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш долзаб масалалардан бири бўлиб турибди. Йўловчилар учун қулай бўлган транспорт воситалари қатновини йўлга қўйиш, қишлоқларни туман ҳамда вилоят марказлари билан боғловчи йўналишларни қайта кўриб чиқиш, мавжуд автошоҳбекатларни замонавий кўринишга келтириш, унда хизмат сифатини ошириш муҳим.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина мисол, Пахтачи туманида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида янги автошоҳбекат фойдаланишга топширилди.

“Пахтачи ташкилий авто” маъсулияти чекланган жамиятининг ўз маблағлари ҳисобидан қурилган ушбу маскан ҳар томонлама қулайликларга эга. Ҳозирги кунда ушбу автошоҳбекатдан Пахтачи-Зиёвуддин, Пахтачи-Навоий ва туман марказини қишлоқлар билан боғловчи бир қанча йўналишларга автотранспорт воситалари ҳаракати йўлга қўйилган. Эътиборли жиҳати шундаки, автовокзалда йўловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Замонавий кўринишдаги кутиш заллари, салқин ичимликлар дўкони, хуллас барча шароитлар етарли. Ҳаттоки, “Пахтачи ташкилий авто” маъсулияти чекланган жамияти таъсисчиси Э.Холмуминовнинг сўзларига кўра, яқин кунларда Wi Fi тизими ҳам йўлга қўйилади.