Пайариқлик ёшлар Транспорт вазирлиги ҳамда Транспорт университетига сайёҳатга таклиф қилинди

Ёшларга оид давлат сиёсатини тизимли амалга ошириш, уларнинг муаммолари билан яқиндан танишиб, таклиф ва ташаббусларини қўллаб – қувватлаш мақсадида Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев 251 минг нафар аҳолига эга бўлган Пайариқ туманида ёшлар билан учрашув ўтказди. Аҳолининг аксарият қисмини, яъни 130 минг нафари ёшлардир. Туман бўйича жами 3335 нафар ўғил-қизлар «Ёшлар дафтари»га киритилган бўлиб, олиб борилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ 2283 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланиб, «Ёшлар дафтари» дан чиқарилишига эришилган. Бу албатта, юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун олиб борилаётган ишларнинг самарасидир.
Ўзига бўлган ишонч, интилувчанлик, яратувчанлик ғоялари билан келажак сари одимлаётган ёшлар билан учрашув самимий ва ўзаро суҳбат шаклида кечди. Учрашувда ёшлар ўзларини қийнаётган муаммолар, креатив ғоялари, келажак ҳақидаги тасаввурлари ҳамда соҳага оид мурожаатлари билан мутасаддиларга юзланишди. Жумладан, транспорт соҳаси бўйича олий ва ўрта маълумотга эга ҳамда “Ёшлар дафтарига” киритилган ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш каби масалаларда мутасаддилардан ёрдам сўрашди. Шу билан биргаликда туман ички йўлларини таъмирлаш, чекка ҳудудларда транспорт қатновини йўлга қўйишда, ҳайдовчиларни тайёрлаш мактабларини очишда ҳам амалий ёрдам сўради.
Туман ёшлар етакчилари томонидан иқтидорли ёшлар ўртасида республика миқёсида ўтказилаётган турли танловларда иштирок этишда транспорт билан таъминлаш таклифи илгари сурилди. Таклиф мутасаддилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Учрашувда иштирок этган Транспорт вазири ўринбосари Ж.Чориев, вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И.Хамраев ҳамда туман ҳокимлиги мутасаддилари ёшлар томонидан кўтарилган ҳар бир мурожаатга аниқ ва атрофлича жавоб беришди. Ойдинлик киритилиши ва қўшимча ўрганишлар талаб қиладиган муаммоли масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Очиқ ва самимий тарзда ўтказилган учрашув якунида ёшларга эсдалик совғалари топширилди.