Самарқанд шаҳар ҳокимлигида "Транспорт макро модели" муҳокамаси бўлиб ўтди

09.06.2021

Россиянинг “SIMETRA” («А+С транспроект») компанияси мутасаддилари Самарқанд шаҳрининг бош режаси муаллифи ва уни қайта ишлаб чиқаётган “ToshkentboshplanLITI” ДУК Самарқанд филиали раҳбари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг вилоятга масъул ходими, «Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ ҳамда “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК мутахассисилари билан ўтказган ишчи муҳокамалар ҳақида хабар берган эдик.

Жорий йилнинг 9 июнь куни Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облақулов, вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И.Хамраев, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази бошлиғи М.Абидов ҳамда “SIMETRA” хорижий компаниясининг жамоат транспорти масалалари бўйича директори В.Валдин, компанияни ривожлантириш директори К.Бёттгер иштирокида шаҳар транспорт мастер-режаси лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган, транспорт тизимининг жорий ҳолатини акс этттирувчи "Транспорт макро модели" муҳокамаси бўлиб ўтди.

Лойиҳадан ҳозирги маънан эскириб бораётган автобусларни замонавий талабларга жавоб бера оладиган транспорт воситаларига алмаштириш, мавжуд йўналишларни қайта кўриб чиққан ҳолда лойиҳалаштириш, жамоат транспортида хизмат сифатини ошириш каби масалалар ўрин олган. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг кенгайишидан келиб чиқиб, янги ҳудудларни жамоат транспорти билан қамраб олиш, йўловчилар учун қулай бўлган транспорт воситаларини йўналишларга чиқариш, электрон тўлов усулини жорий этиш, автобусларни рақамлаштирилган онлайн кузатув тизими тартибида назорат қилиш каби масалалар эътибордан четда қолмаган.

Муҳокама жараёнида “SIMETRA” («А+С транспроект») мутахассислари томонидан тайёрланган таклиф, жорий ҳолат ва прогноз даврлар учун транспорт инфратузилмаларига тушадиган юкламалар, мавжуд муаммоли участкалар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Жорий модел ёрдамида "Миллионлик шаҳар" Бош режасини ишлаб чиқишдаги йўл кўча инфратузилмалари математик ҳисоб-китоблар билан асослантирилади. Йўл-кўча тизими, жамоат транспорти тармоғи ва институционал ўзгаришлар бўйича аниқ, манзилли чора тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.