“Сартепа маскани – Темирйўл бекати” йўналишида ҳаракатланувчи трамвайлар тўхтаб қолганлиги юзасидан расмий муносабат

12.06.2021

2021 йил 12 июнь куни “Сартепа маскани – Темирйўл бекати” йўналишида ҳаракатланувчи трамвайлар соат 10.00 дан 11.25 гача бўлган вақт оралиғида Туркистон кўчасида тўхтаб қолди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳар, Сартепа мавзеси, Туркистон кўчаси бўйлаб ўтган трамвай линияси устида иккита автотранспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган( Спарк ва Нексия автомобиллари тўқнашган). Вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари вазиятга ойдинлик киритиш жараёнида 1-сонли «Сартепа маскани - Темир йўл бекати» йўналишида ҳаракатланувчи трамвайлар ҳаракати тўхтатилган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан керакли маълумотлар йиғилгач, тўқнашувга сабаб бўлган транспорт воситалари йўлдан олинган ҳамда трамвайлар ўз йўналишида ҳаракатни давом эттирган. Ҳозирда трамвайлар ҳаракат жадвалига асосан йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.

Шу ўринда Самарқандда жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бериб ўтсак. Аҳолига қулай бўлган транспорт тизимини яратиш борасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Россиянинг “Симетра” (А+С транспроект) компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган лойиҳа якунланиш арафасида. Лойиҳа учун зарур бўлган йўловчи ва транспорт оқими, мавжуд йўналишлар, автотранспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги, светофорларнинг ишлаш тартиби бўйича керакли маълумотлар йиғилди.

Ушбу маълумотлар асосида математик ҳисоб-китоблар амалга оширилиб, лойиҳанинг дастлабки кўриниши вилоятда алоқадор ташкилотлар ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлигида муҳокама қилинди. Тайёрланган таклифлар юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан биргаликда 3000 (уч минг) дан зиёд фуқаролар билан тўғридан тўғри телефон орқали сўровномалар ўтказилди. Шунингдек, samarkand-transport.uz сайти орқали аҳолининг таклиф ва талаблари ўрганилди.

Лойиҳадан ҳозирги маънан эскириб бораётган автобусларни замонавий талабларга жавоб бера оладиган замоанвий транспорт воситаларига алмаштириш, мавжуд йўналишларни қайта кўриб чиққан ҳолда лойиҳалаштириш, жамоат транспортида хизмат сифатини ошириш каби масалалар ўрин олган. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг кенгайишидан келиб чиқиб, янги ҳудудларни жамоат транспорти билан қамраб олиш, йўловчилар учун қулай бўлган транспорт воситаларини йўналишларга чиқариш, электрон тўлов усулини жорий этиш, автобусларни рақамлаштирилган онлайн кузатув тизими тартибида назорат қилиш каби масалалар эътибордан четда қолмаган.