ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ТРАНСПОРТ УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАЛАРИ САМАРҚАНДДА

Талабаларни замонавий техникалар билан таништириш, олган назарий билимларини амалиётда синаб кўриш учун шароит яратиш, етук ва малакали кадрлар тайёрлаш ҳар бир олий ўқув юртининг олдига қўйган асосий вазифаларидан биридир.
Тошкент давлат техника университетининг профессор-ўқитувчилари, магистрант ҳамда талабалари олган назарий билимларини бойитиш, амалиётда қўлланилаётган илғор техникаларнинг ишлаш услуби билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқандда олиб борилаётган қурилиш бунёдкорлик объектларида бўлишди.
Дастлабки манзил Рўдакий ва Бўстансарой кўчалари кесишмасида олиб борилаётган ер ости ўтиш йўли. Туннелнинг қурилиш жараёни тўғрисида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Кўприк қурилиш трест” УК иш бошқарувчиси Б.Мирзабеков профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларга амалга оширилаётган ишлар, қурилиш жараёнида ишлатилаётган темир-бетон маҳсулотлари билан бирга қўлланилаётган инновациялар ҳақида батафсил тушунча берди.
Лойиҳага асосан умумий узунлиги 675 метр бўлган йўл ўтказгич қурилиши режалаштирилган. Жумладан, иншоот эстакада қисмининг узунлиги 120 метр, тиргак деворларининг умумий узунлиги 551 метр, эстакада қисмининг баландлиги 5,77 метр ва кенглиги ўртача 26,38 метрни ташкил этади. Иншоот 28 метрли оралиқ қурилмалар (балкалар)дан ташкил топган.
Туннел қурилиш жараёнини кўздан кечирган талаба-ёшларнинг иккинчи манзили Самарқанд халқаро аэропорти бўлди. Бунда аэропорт директори ўринбосари З.Гапиров олиб борилаётган ишлар, кутилаётган натижалар тўғрисида талабаларга батафсил ахборот берди. Шу билан биргаликда, амалиёт ўташ билан боғлиқ масалага ҳам ойдинлик киритилди.
З.Гапировнинг берган маълумотларига кўра, реконструкция ишлари якунланганидан сўнг аэропорт ўз ўтказиш қобилиятини соатига 600 дан 1200 йўловчига ошириши мумкин. 22 та ҳаво кема учун тўхташ ва учиш-қўниш йўлаги қурилиши ҳам якунланиш арафасида.
Аэропорт ташқи кўриниши ноодатий тарзда қад ростлаши ва шаҳарнинг яна бир ташриф қоғози бўлиши мўлжалланган. Унга кўра, аэропорт китоб шаклида бўлади ва устки қисмида юлдузларнинг жойлашуви акс этади.
Бино ёнида 800 та машинага мўлжалланган замонавий тўхташ жойи қурилади. Бундан ташқари, замонавий техника ва технологиялар ёрдамида автотранспорт воситаларининг кириб чиқишлари учун бир мунча қулайликлар яратилади. Йўловчиларни кутиб олувчи ва кузатувчилар учун алоҳида қулайликлар ташкил қилинмоқда. Шу вақтгача аэропотга кириш имкони йўқ бўлган бўлса, эндиликда улар бемалол кириб у ерда яратилган шароитлардан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Самарқанд халқаро аэропортида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олган талабалар М-39 йўлининг 1083 километридаги янги йўл ўтказгичнинг иш жараёни билан танишди. Лойиҳага кўра, йўл ўтказгичнинг баландлиги 5,5, узунлиги 110, кенглиги эса 28,9 метрни ташкил қилади. Ушбу йўл ўтказгич орқали бир соатда қарийб 600га яқин, бир суткада эса 14 мингта автомобилни ўтказиш имконияти яратилади. Амалга оширилаётган лойиҳанинг оралиқ қурилмаси кесимсиз уч оралиқли балка бўлиб, қурилиш баландлиги бўйича ўзгарувчан бўлади. Икки четидаги оралиқ қурилманинг узунлиги 33 метр, ўртадаги оралиқ қурилманинг узунлиги эса 42 метрдан иборат бўлади.