Туризм салоҳияти юқори бўлган кўҳна кентни миллионлик шаҳарлар қаторига қўшилишини ҳисобга олсак, жамоат транспортини тубдан ислоҳ қилиш даври келди

Бугун инфекциянинг қайта тарқалиши ҳақидаги маълумотлардан ҳамманинг хабари бор. Бунинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни эшитмаган, билмаганлар бўлмаса керак. Хўш, белгиланган вазифаларни бажараяпмизми? Ёки жамоат транспортига қўйилган талабларга амалда қўлланилаяптими? Дезинфекция, ниқобсиз йўловчиларни салонга киритмаслик... ва бошқа ҳолатларни ким назорат қилаяпти? Ташувчи корхона раҳбарлари нега жим?
Балки кимлардир ҳали-ҳануз хаёлар оғушида юргандир, лекин сергак тортиш вақти келди. Олдимизга қўйилган вазифаларни бугун адо қилмасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Ҳар биримиз бевосита жойларга чиққан ҳолда дезинфекция ишларини, йўловчиларнинг ниқобда эканлигини назоратга олишимиз шарт.
Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар раҳбарлари иштирок этган бугунги йиғилишни вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И.Хамраев ана шундай сўзлар билан бошлади.
Йўловчиларга масаланинг моҳиятини тўғри тушунтириш керак. Ҳар бир автобус салонига чиқаётган йўловчи қайта-қайта огоҳлантирилса, аста-секинлик билан жамоат транспортидан ниқоб таққан ҳолда фойдаланиш одат тусига киради, дея сўзида давом этди бошқарма бошлиғи И.Хамраев ҳамда тизимда ишлаётган масъулларни огоҳлантирди.
Автобусларнинг тозалиги, ҳайдовчиларнинг белгиланган меъёрлар асосида кийиниши, тендер талаб ва шартларига тўлиқ риоя этган ҳолда фаолият юритиш, айниқса, қайтимлар ўз вақтида тўлиқ қайтарилиши ҳақида ҳам кескин танқидий фикрлар билдирилди. Бу борада назоратни кучайтириш юзасидан бошқарма бўлим бошлиқларига топшириқлар берилди.
Йиғилишда иштирок этган Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Р.Олимов шаҳар автобус йўналишларида ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг маънан эскириб бораётганлиги, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этмасдан бошқарилишини танқид остига олиш билан биргаликда транспорт тизимини ислоҳ қилиш борасидаги фикрларини ҳам билдириб ўтди.
Биламан, карантин қоидалари кучайтирилган вақтда автобуслар ҳаракатининг тўхтатилиши, банк кредитлари фоизи ҳисобига корхоналар катта зарар кўрди. Ҳозирда жамоат транспортига эътибор кучайтирилиб, кўрилган зарарларни қоплаб бериш масаласи кўрилмоқда. Шу билан биргаликда янги автобуслар олиб келиш бўйича ҳам таклифлар бор. Агар замонавий талабларга жавоб бера оладиган автобуслар олиб келиш бўйича таклифлар бўлса, марҳамат билдиринг. Туризм салоҳияти юқори бўлган кўҳна кентни миллионлик шаҳарлар қаторига қўшилишини ҳисобга олсак, жамоат транспортини тубдан ислоҳ қилиш даври келди, деди Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Р.Олимов ўз сўзида.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда жамоат транспортида дезинфекция масаласига жиддий эътибор қаратиш, йўловчиларнинг ниқоб таққан ҳолда автобуслардан фойдаланишини назоратга олиш, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузишга йўл қўймаслик, айниқса, ноқонуний паттачилик ҳолатларига барҳам бериш, электрон тўлов усули билан боғлиқ муаммоларга чек қўйиш юзасидан масъулларга топшириқ берилди.