ТУРК НАЗМИДА ЧУ МЕН ТОРТИБ АЛАМ, АЙЛАДИМ УЛ МАМЛАКАТНИ ЯКҚАЛАМ...

12.02.2021

Шу кунларда республикамиз бўйлаб сўз мулкининг султони, ўзбек тилининг равнақини юксак чўққиларга кўтарган буюк мутафаккир, халқпарварлиги ила эл орасида шуҳрати қозонган Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларининг 580 йиллиги ҳамда ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир ва маърифатпарвар, давлат арбоби, истеъдодли саркарда - Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 538 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Самарқанд вилояти транспорт бошқармасида ҳам буюк даҳоларга эҳтиром кўрсатилиб, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд давлат университети ўқитувчиси, “Буюк ипак йўли” илмий текшириш институти директори, филология фанлари доктори Э.Мусурмонов қатнашиб, Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, бой ижодий мероси, халқ учун амалга оширган буюк ишлари ҳамда ҳақида батафсил сўзлаб берди. Инсонга маънавий озуқа берувчи ушбу тадбирда алломаларнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.

Навоий дилбар шахс. Унинг маънавий меросини ўрганиш, асарларини мутолаа қилиш кишига ҳузур бағишлайди. Миллат фаровонлиги учун жон куйдирган, амалга ошира олмаган ишларини асарларида ниҳоясига етказган Навоий сиймосига ҳар қанча таъриф берилса, шунча оз. Зеро, “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”. Буюк шоиримиз А.Орипов сўзлари билан айтадиган бўлсак:

Беш асрким, назмий саройни

Титратади занжирбанд бир шеър.

Темур тиғи етмаган жойни

Қалам билан олди Алишер.

Юрт соғинчини асарларига кўчирган, буюк миллат келажаги учун қайғурган, шу билан биргаликда биз учун улкан адабий мерос қолдирган шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Бобур — буюк подшоҳ, моҳир саркарда, тилшунос, санъатшунос, этнограф, ҳайвонот ва наботот оламининг билимдони сифатида кўпқиррали фаолият ва ижод соҳиби эди. “Бобурнома” унинг йигирмадан ортиқ соҳаларга қизиққанлигига яққол мисолдир.