Жамоат транспортида қайтим ва патта бериш назоратга олинади

Жамоат транспорти ўзининг ютуқлари билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлари сабаб доим муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда. Ижтимоий тармоқлар, газета ва телевидиниеда ҳам бу борада бир қанча салбий фикрлар ўртага ташланаётганлиги сир эмас. Бу каби муаммоларнинг асл илдизини топиш, ваколатли органлар билан биргаликда уларни бартараф қилиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, қилинаётган ишлар билан кўзланган мақсадга етиб бўлмаяпти. Аммо бу мурожаатларга кўз юмиш, дегани эмас. Балки уларга қарши курашда ваколатли органларни ҳам жалб қилиш лозимлигини кўрсатиб турибди. Чунки билдирилаётган фикрлар тагида асл ҳақиқат ётибди. Буни инкор қилиш инсофдан эмас.
Худди шундай муаммоли мурожаатлар “Zarnews.uz” сайтида фуқаро Б.Шавкатов томонидан “Автобусларда 100 сўмдан уриб қолиш қачонгача давом этади”, “Samarkandnews.uz” сайтида Қ.Халиловнинг “Чипта берилмаса, йўловчи сони қандай аниқланади? сарлавҳаси остида чоп этилди.
Мурожаатда айтиб ўтилган салбий ҳолатларни келиб чиқишига йўл қўймаслик мақсадида вилоят транспорт бошқармаси ходимлари томонидан берилган ваколат доирасида доимий равишда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, шунча ҳаракатларга қарамасдан ҳолатнинг яна ва яна такрорланиши кишини ажаблантиради.
Юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида вилоят транспорт бошқармасида 19 июнь куни Самарқанд шаҳрида автотранспорт соҳасида фаолият олиб бораётган 18 та тадбиркорлик субъектларининг раҳбарлари иштирокида муҳокама бўлиб ўтди. Унда қайтим ва йўл паттасини ўз вақтида бериш билан биргаликда қоидаларига эътибор қилмаслик ҳолатлари – ниқоб тақмаслик, белгиланган меъёрдан ортиқ йўловчи олиш, дезинфекция ишларига эътиборсизлик масалалари кўриб чиқилди. Йўл қўйилаётган камчиликларнинг охири қандай оқибатларга олиб келиши юзасидан қатъий огоҳлантиришлар берилди. Ҳаттоки, кўпчилик учун арзимасдек туюлган масала – йўловчи томонидан тўланган йўл ҳақи учун 100 сўмлик қайтим ва паттанинг берилмаслиги ҳам жиноят эканлиги айтиб ўтилди. Эндиликда ҳар бир мурожаат тегишли тартибда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганилиши маълум қилинди.
Ҳар бир автокорхона раҳбари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги “Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш” тўғрисида қарорига сўзсиз риоя қилиши лозимлиги акс ҳолда суд органларига тегишли тартибда тақдимнома киритиш орқали лицензияси бекор қилинишидан огоҳлантирилди.
Йиғилишда бошқарма инспекторларига вилоятдаги барча йўловчи ташиш транспорт воситаларини қаттиқ назоратга олиш вазифаси юкланди. Айниқса, шаҳар автобус йўналишларида ҳаракатланувчи автобусларнинг хизмат сифатини танқидий ўрганиб чиқиш, тендер талаб ва шартларига риоя қилмаган автокорхона фаолиятига доир тўпланган маълумотларни ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли тартибда ваколатли органларга тақдим қилиш лозимлиги уқтирилди.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати