Жамоат транспортига тиббий ниқобсиз чиқманг

Аввал хабар берганимиздек, вилоят транспорт бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар автобус йўналишларида ҳаракатланувчи транспорт воситаларида махсус комиссия қарори ижросини таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари давом этмоқда. Бундай тадбирларни ўтказишдан мақсад, кимнидир жазолаш ёки камситиш эмас, балки белгиланган тартиб-қоидага ҳамманинг бирдек амал қилишини таъминлашдан иборат.
Автобус салонига яқинлашар эканмиз, ҳамма бирдек - кимдир чўнтагидан, яна кимдир сумкасидан тиббий ниқоб олиб тақишни бошлади. Баъзилар огоҳлантиришга эътироз билдираётган бўлса, кўпчилик бизни қўллаб-қувватлади. Бундай назорат тадбирларини доимий равишда олиб бориш лозимлигини айтди.
Биргина бугун, 6 июнь куни ўтказилган назорат тадбири давомида юзлаб ҳамюртларимизнинг автобуслардан тиббий ниқобсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Энг ачинарлиси, йўловчиларга ўрнак бўлиш ўрнига ўзлари тиббий ниқобсиз ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг бепарво эканлиги.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хавф ёнимизда бўлиши мумкин бўлган ҳолатда нега ўзимизни ҳимоя қилмаймиз?
Соғлик - ҳар бир инсон учун муҳим. Негадир бу оддий ва аччиқ ҳақиқатни тан олгимиз келмаяпти.
Ҳурматли йўловчилар! Келинг, ҳар бир бойликдан, кўнгилхушликдан муҳим бўлган соғлигимизни асрайлик. Атрофга разм солиб, бошқаларни ҳам тиббий ниқобда бўлишини таъминлайлик. Жамоат транспортидан фойдаланганда тиббий ниқоб тақишни унутманг!
Ёдда тутинг, карантин қоидаларини бузиш, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.